Ўзбекистон Республикаси Призидентининг 2019 йил 30 октябрдаги ПФ-5863-сон Фармони билан тасдиқланган  “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси”да 2020 йил 1 декабрга қадар экологик менежмент тизимини яратишнинг халқаро стандартларини жорий этиш ва мамлакатлар билан экологик сертификатлаштириш бўйича ишларни ўзаро тан олиш механизмини татбиқ этиш экологик муаммоларни ҳал этиш йўлларидан бири эканлиги кўрсатиб ўтилган (VIII боб. Экологик муаммоларни ҳал этиш йўллари).

Ҳозирги кунда халқаро инвестицияларнинг Ўзбекистон Республикасида ошиши ҳамда корхоналарнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ишлаб чиқаришда экологик салбий таъсирни олдини олиш ёки камайтириш масалаларини оптималлаштиришга қаратилган ҳаракатлари натижасида ISO 14001 халқаро стандартига қизиқиш кучаймоқда.

ISO 14001 стандарти экологик менежмент тизимига қўйиладиган талабларни белгилайди. Бу стандарт маҳсулотнинг биринчи босқичидан истеъмолчига етиб боришига қадар ҳар бир босқичда атроф – муҳитга таъсирини ҳисобга олиб, корхонанинг атроф-муҳит кўрсаткичларини мониторинг қилиш ва такомиллаштириш жараёнини белгилайдиган халқаро стандартдир.

Экологик менежмент тизимини яратишдан мақсад, ташкилотнинг фаолиятида табиий ресурслардан фойдаланишни камайтириш ёки улардан оқилона фойдаланиш орқали тупроқ, ҳаво ва сув, шунингдек атроф-муҳтига етказиладиган зарарни минималлаштириш учун қилинадиган ҳаракатларни аниқлашдир. ISO 14001  стандартини қўллаш ихтиёрий ҳисобланади.

Экологик менежмент тизими корхона рахбариятига қуйидагилар ёрдамида барқарор ривожланиш имкониятини беради:

- атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, унинг салбий таъсирини олдини олиш ёки камайтириш;

- атроф-муҳит шароитининг ташкилотга салбий таъсирини камайтириш;                 

- мажбурий талабларни бажаришда ташкилотга ёрдам кўрсатиш;

- атроф-муҳит иш фаолиятини яхшилаш;

- ҳаётий циклнинг бошқа босқичларига беҳосдан ўтишнинг атроф-муҳитга таъсирини олдини оладиган ҳаётий цикли концепциясидан фойдаланган ҳолда, ташкилотнинг маҳсулот ва хизматларни лойиҳалаштириш, ишлаб чиқариш, истеъмол қилиш ва утилизация қилиш усулларини назорат қилиш ёки уларга таъсир қилиш;

- атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатганлик учун тўловларни минималлаштириш ва атроф-муҳитга таъсир кўрсатиши мумкин  бўлган авариявий оқибатларни бартараф этиш учун молиявий харажатларни камайтириш;

- ресурсларни тежаш ва ташкилотнинг рақобатбардошлигини ошириш;

- мавжуд бўлган энг яхши технологияларни ва халқаро ташкилотларнинг грантларини жалб қилиш учун янада имтиёзли шартларда кредит олиш имкониятини ошириш;

- манфаатдор томонларнинг назарида корхонанинг қиймати ва имиджининг ошиши.

2017 йилги маълумотга кўра, дунёнинг 181 мамлакатида камида 362610 ташкилот ISO 14001 “Экологик менежмент тизими. Талаблар ва қўллаш бўйича кўрсатма” стандарти асосида сертификатланган.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган корхоналарда ISO 14001 халқаро стандарти асосида сертифкатланиши қўйидагича:

“Ўзстандарт” агентлигидан олинган маълумотга кўра, бугунги кунда, 19 та сертификатлаштириш органлари томонидан Республика буйича 110 та корхона ва ташкилотлар ISO 14001 халкаро стандарти асосида сертификатланган. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, бу корхоналарда экологик менежмент тизимини сертификатлаштиришда асосан хусусий корхоналарда очилган сертификатлаштириш органлари фаолият юритган.